Давлатимиз раҳбарининг таклифига кўра расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла фарзанди Лаура Маттарелла ҳамроҳлигида вилоятимизга келди. Олий мартабали меҳмонларни Урганч халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов ва бошқа расмийлар кутиб олдилар.
Италия Президенти бошчилигидаги делегация аъзолари Хивадаги Ичонқалъа мажмуасида бўлиб, қадимий шаҳарнинг тарихий обидалари билан танишдилар. Очиқ осмон остидаги музей шаҳар, ундаги асрларга тенгдош архитектура ёдгорликлари ва кўргазмалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Италия Президенти Сержо Маттарелла шу куннинг ўзида Урганч шаҳридан Римга жўнаб кетди.