07.12.2019
Мамлакатимиз давлат мустақиллигини қўлга киритган дастлабки даврда, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати, тинч ва фаравон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган омилларга йўл олувчи қонуний асослар яратилиши жуда муҳим ва долзарб эди.
Мустақиллигимиз асосчиси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида турли соха олим ва мутахассисларнинг саъй-ҳаракати, изланишлари, хорижий тажрибани чуқур таҳлил этиш асносида ҳар томонлама пухта, ихчам, халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилди.
Мазкур асосий қонун улкан тарихий аҳамиятга эга ноёб ҳужжат бўлиб, унда суверен давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим асослари, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат, фуқаролар тинчлиги ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлашга оид тамойиллар мустаҳкам ўрин олган. Энг мухими, унинг қоидалари мамлакатимизда босқичма-босқич ва изчил амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ислоҳатлар сари кенг йўл очди.
Конституциямизнинг бундай ҳаётбахшлигида унинг нормаларида халқимизнинг кўп асрлик анъана ва қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий меросига таянилгани мужассамдир. Қолаверса, Асосий қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қўрилиш соҳасидаги илғор тажрибаниг энг яхши жиҳатларини, инсон ҳуқуқлари умумжахон декларациясининг нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа илғор халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этгани унинг ҳар жиҳатдан пухталигини амалга ошириш имконини берди.
Шу боис, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз Конституцияси халқимиз манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қодир, умумэътироф этилган демократик қадриятларга тўла жавоб берадиган, жамиятда адолатни қарор топдиришга хизмат қиладиган асосий ҳужжат экани тўла исботланди. Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Конституцияси ва шу асосда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаравонлигини янада юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Эътиборларингиз учун рахмат.