Ҳар фаслнинг ўз гашти бор. Айниқса, ёз болажонлар учун энг севимли ва ардоқлидир. Негаки улар ўқув йилини якунлаб, таътилда ҳордиқ чиқариш мақсадида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ташкил қилинган оромгоҳларда мароқли ва мазмунли вақт ўтказишади.
Хива шаҳридаги “Ғунча” ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам бу йил болаларни икки сменада ўз бағрига олади. Биз айни дамда ижодий жамоамиз билан ушбу масканга бориб, у ердаги шароитларни кўздан кечириб, болажонлар билан дилдан суҳбатлашдик.
Илиқ қаршилаган оромгоҳ раҳбари Гулбаҳор Отажонова бизни дам олувчилар томон бошлаб борар экан, йўл-йўлакай бу ердаги шароитлар билан таништирди.
- Бу йил масканимизнинг 1-сменасига 140 нафар ўғил-қизлар қабул қилинди. Қувонарлиси “Ғунча”мизнинг илк дам олувчилари орасида тарбиячи Шайдогул Мамбетниязова бошчилик 24 нафар қорақалпоғистонлик ёшлар бўлди. Улар хивалик болалар билан тезда тил топишиб, ўзаро дўстона муносабатларини турли тўгараклар ҳамда спорт мусобақаларида намоён этишди.
Дарҳақиқат, масканда болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказиш учун уларнинг қизиқишларига қараб 9 турдаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
Ш.Мамбетниязова ўқувчиларининг бу ерга келганликларидан хурсанд эканлигини, қалби чексиз ғурурга тўлган ҳолда изҳор қилди. Буни улар билан суҳбатимизда ҳам билиб олдик.
- Бу ердаги шароит ва имкониятлардан жуда мамнунмиз. Кўҳна Хива заминидаги мана шундай муҳташам ва ажойиб масканга келиб, олам-олам таассуротларга эга бўлдик. Ичон-қалъага уюштирган саёҳатимиз, қадим тарихга гувоҳ бўлган обидалару асори атиқалар биз учун ўчмас хотира бўлиб қолади, - дейди Едигев Йўлдошбаев, - Мен кейинги йил ҳам шу ерга келишни ният қилдим.
Ҳақиқатан ҳам мириқиб дам олаётган бахтиёр ўғил-қизларни кўриб, юртимизда яратилаётган имконият ва шароитларнинг бари ёш авлод эртаси учунлигини яна бир бор ҳис қилдик.
Дилмурод МАШАРИПОВ,
Амирхон ЖУМАНАЗАРОВ,
“Хива тонги” махсус мухбирлари.