Ассалому алайкум азиз элдошлар!
Аввало, сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни улуғ айём — Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда кенг нишонланадиган бу байрам алоҳида қувонч ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳига тўла. Ана шундай муҳим кунда биз она тилининг жонажон ватанимизда яшаётган барча фуқароларимиз учун азиз ва қадрли тилга айланиши, унинг жозибадорлигини ошириш учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз, халқимиз тарихи, тақдири ва бугунги ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини, уни ривожлантиришда олдимизда турган долзарб вазифаларни янада чуқурроқ англаб етишимиз керак.
Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир. Ўзбек тили улкан тарихий силсилалардан омон ўтиб, миллий ўзлигимизнинг улуғворлиги, матонати ва барҳаётлигини ўзида акс эттирган тимсол сифатида қадрланади.
Миллатимиз фидойиларининг куюнчаклиги, астойдил ҳаракатлари туфайли мураккаб бир даврда – 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган ўзбек тилига қонуний тарзда давлат тили мақоми берилганлиги муҳим тарихий воқеа бўлди. Мана ўзбек тилининг давлат тили сифатида эътироф этилганига ҳам 33 йил тўлмоқда.
Она тилимиз мадҳиямиз, байроғимиз, гербимиз каби миллатимиз рамзи экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг вазифамиз ва бурчимиз бўлиши лозим.
Кейинги йилларда мамлакатимиз бўйлаб янгича руҳда кенг нишонланаётган бу байрамнинг алоҳида файзи ва шукуҳи борлигини барчамиз яхши биламиз. Ушбу қутлуғ санада миллий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимизнинг тарихимиз ва тақдиримиз, бугунги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини, уни ривожлантириш борасида олдимизда турган долзарб вазифаларни янада чуқур ҳис этамиз.
Маълумки, тилнинг тараққиёти жамиятнинг, миллатнинг тараққиёти билан узвий боғлиқ. Истиқлол тилни маънавият гулшанига айлантирди. Миллий тил мустақилликнинг дастлабки рамзларидан бири сифатида бўй кўрсатди.
Давлат тили мақоми эса уни ҳар томонлама ривожлантиришга, тараққий этишига имкон яратди. Олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, моддий-маданий, маънавий-маърифий ислоҳотлар миллий тилимиз бўлган ўзбек тилимизнинг ривожи ва тараққиёти учун ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилаётганидан хабардорсиз. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Барчамизга маълумки, Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сонли Фармони билан Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш мақсадида қатор вазифалар белгиланди ҳамда 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилиниб, мана уч йилдирки ушбу кун мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Янги Ўзбекистоннинг бўй кўрсатаётганини жаҳон аҳлига миллатимизнинг бош ва хира тортмас кўзгуси бўлган Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида, яъни ўзбек тилида - эълон қилдилар. БМТ минбарларида жаранглаган тилимиз ўзбекнинг қон томирларида тилига бўлган ҳурмат, эҳтиром, ғурур ва ифтихор туйғусини жўшқинлантирган бўлса, бу тарихий воқелик юртимизда ўзбек тилининг қадди ва ғурурини тиклашга қаратилган эзгу ишларда она тилига садоқатнинг ёрқин намунаси бўлди. Тилимизнинг обрў эътиборини янада оширди.
Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётимизда фаол қўлланилмоқда. Ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида олдимизда катта ва масъулиятли вазифалар турганини барчамиз яхши англаймиз.
Ўзининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси ва муносиб мақомига эга бўлган она тилимиз бугун янги ривожланиш ва юксалиш босқичига кўтарилди. Ўтган давр мобайнида ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеи ошди, унинг ижтимоий вазифаси ва қўлланиш доираси кенгайди, она тилимиз мустақил давлатимиз тили сифатида равноқ топмоқда.
Истиқлол шарофати билан ўзбек тилида қатор асарлар яратилмоқда, олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида барча йўналишлар ҳамда соҳалар бўйича янги дарсликлар, ўқув қўлланмалар нашр қилинди, айниқса, ўзбек тилшунослиги соҳасида юзлаган, балки минглаган илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Айниқса, кейинги беш йил ичида миллий тилимизнинг истиқболи, эртанги куни бўйича Ҳукуматимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган қатор қонун, қарор, фармон ва бошқа расмий ҳужжатлар, бу борадаги ишларнинг янада самарали фаолиятига замин яратишда давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича департаменти фаолиятининг йўлга қўйилганлиги, республикамиз бўйлаб барча ҳокимликларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларининг таъсис қилиниши, улар томонидан мазкур соҳага оид ишларнинг изчиллик билан давом эттиришга имкон яратди.
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири ҳисобланган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Чунки у энг аввало, она алласи орқали қалбларимиздан жой олган.
Барчамизга маълумки, она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Шундай экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир”, деган сўзларини доим ёдда тутишимиз даркор.
Тил - миллатимиз тимсоли.
Ота-боболаримиз тилимиз обрўси, бинобарин миллатимиз истиқболи учун ўзларини ҳаётини бағишлаганлар. Хорижий тилларни ўрганиш, билиш баробарида энг аввало она тилимизни мукаммал эгаллаш, унинг софлиги, обрўси учун жонкуярлик кўрсатиш ҳар бир юртдошимизнинг биринчи галдаги вазифасидир.
Зеро, тилга эътибор – элга эътибор дея бежиз айтилмаган.
Демакки, истиқболда ўзбек тилининг тараққиёти ҳақида барча биргаликда, хурсандчиликда Ўзбек тили байрамини ҳар қачонгидан ҳам ўзгача шукуҳда, кўтаринки руҳда ўтказиш Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Хуллас, муқаддас Ватанимизнинг муқаддас тимсоли бўлган ўзбек тили миллат маънавияти, маданиятининг хира тортмас кўзгусидир.
Тил маънавият, маданият, илм-фан, таълим, миллий тафаккур, урф-одат, анъана, қадрият каби тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини очиб беради ва келгуси авлодга етказишга хизмат қилади. Тил мамлакат тарақиёти ва келажагини белгиловчи асосий омилдир. Давлат тили тараққий топса, тилимиз янги босқичларга кўтарилаверади.
Азиз дўстлар!
Ҳозирги кунда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатлар ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Ана шундай ҳаётий эътиқод ва буюк мақсад билан яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин!
Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, файзу барака тилайман. Ўзбек тили – она тилимиз обрў эътибори янада ошаверсин, юртимиз гуллаб яшнасин! Барчангизга яхши кунлар муборак бўлсин! Она тилимиз мангу яшасин!
Темур Давлетов, Хива шаҳар ҳокими