01.10.2022
Сизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг машаққатли ва шарафли ишга бағишлаб келаётган барча педагогларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.
Биз устоз зотини азалдан отадай улуғ деб биладиган, ҳамиша бошига кўтариб эъзозлайдиган маърифатпарвар халқ фарзандларимиз.
Ҳар бир инсон ҳаётда қандай ютуққа эришган бўлса, уларда қадрдон ўқитувчи ва устозларининг беқиёс ҳиссаси борлигини умрбод миннатдорлик билан эслайди.Шахсан мен ўқитувчи деганда – замон билан ҳамқадам бўлган жонкуяр, зиёли шахсни, мактаб деганда – билим ва маърифат ёғдуси таралиб турадиган, Учинчи Ренессанс пойдевори қўйиладиган табаррук масканни кўз олдимга келтираман.
Биз, ота-оналар ўзимизнинг энг катта бойлигимизни – азиз фарзандларимиз келажагини Сиз, муҳтарам устозлар қўлига ишониб топширганмиз. Шу маънода, буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг: “Сиздан бошланади асли тафаккур”, деган сўзларида теран ҳаётий ҳикмат бор.
Бугунги кунда фидойи устоз ва мураббийларнинг эзгу хизматлари туфайли ёшларимиз ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етаётгани, фан ва техника, маданият ва санъат, спорт соҳаларида қандай катта марраларни қўлга киритаётгани барчамизга чексиз қувонч бахш этади.
Барчамизга аёнки, муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир. Шу боис, биз кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Педагог ходимларни мажбурий меҳнат ва турли жамоатчилик ишларига жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилгани, таълим муассасаларида қоғозбозликка барҳам берилаётгани бугун ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда.Мактабларда дарс бераётган юқори тоифали ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Мамлакатимизда фарзандларимизни гўдаклик давридан то камолот ёшига қадар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрнини топишига хизмат қиладиган узлуксиз ва самарали тизим яратилмоқда.
Шу ўринда, 2022-2026 йилларда халқ таълими тизимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур қабул қилингани, мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича Миллий кенгаш ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Айни вақтда Ўзбекистон тарихида биринчи марта бошланғич синфларда фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлайдиган нуфузли халқаро баҳолаш дастурлари йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, давлат бюджети ҳисобидан барча замонавий шароитларга эга мактаблар бунёд этилгани, мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилгани, қўшимча ўқув бинолари, спорт зали ва майдончалари барпо қилинганини қайд этиш лозим.
Ўқитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай чора-тадбирлар туфайли малака тоифасига эга муаллимлар сонининг ошиши таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Айни пайтда мактаблар учун замонавий ўқув дастурлари ва дарсликлар яратиш бўйича ЮНИСЕФ, ЮСАИД халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликда, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Финляндия каби ривожланган давлатларнинг тажрибали экспертлари иштирокида кенг қамровли изланишлар давом эттирилмоқда.
Барчангиз яхши хабардорсиз, таълим тизимини янада ривожлантириш масаласини Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширадиган энг асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган.
Шундай экан – Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланиши зарур.
Ўқитувчилар, тарбиячи ва мураббийлар, илм-фан соҳаси ходимлари учун муносиб шароит яратиш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, моддий таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Имконияти чекланган болалар учун инклюзив таълим ҳар томонлама ривожлантирилмоқда.
Бугун таълим-тарбия тизими бутун жамиятимиз, халқимизнинг диққат-эътиборида турибди. Соҳадаги ҳар бир ўзгариш юртдошларимиз ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ҳозирги замонда ҳамма жабҳаларда илм, билим ва салоҳият сув билан ҳаводай зарурлиги, ҳар қайси давлат фақатгина шу асосда тараққиётга эришиши, содда қилиб айтганда, инсон билак кучидан кўра илм кучи билан кўпроқ даромад ва обрў-эътибор топиши мумкинлигини ҳаммамиз яхши англаймиз.
Даврнинг мана шундай ўткир талабларидан келиб чиққан ҳолда, бу йил шаҳримизда ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилинди.
Мана, буюк аллома бобомиз Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш бўйича қарор қабул қилинди. Урганч шаҳрида буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмий номида янги шаҳарча қурилади.
Буларнинг барчасидан кўзлаган мақсад битта. У ҳам бўлса, Янги Ўзбекистоннинг янги берунийлари, янги хоразмийлари, ибн синолари ва фарғонийларини камолга етказиш, шу орқали жонажон Ватанимизни дунё миқёсида ривожланган, тинч, эркин ва фаровон мамлакатга айлантиришдан иборат.
Сиз, азиз устоз ва мураббийлар бугун мана шундай ўта масъулиятли жабҳада Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, ўзининг қатъий ҳаётий позициясига эга, ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшларни тарбиялаш каби улуғ вазифани адо этмоқдасиз.
Барчангизга шу шарафли йўлда олиб бораётган олижаноб фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.
Хонадонларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ёр бўлсин!
Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз устоз ва мураббийлар!
Темур Давлетов,
Хива шаҳар ҳокими