01.10.2022
Ассалому алайкум ҳурматли устоз ва мураббийлар!
Азиз меҳмонлар!
УСТОЗ, ЎҚИТУВЧИ, МУРАББИЙ! Бу сўзлар замирида, ўз ҳаётини таълим-тарбияга бахшида этган фидойи инсон; барчанинг маънавий ота-онаси; илм-у маърифатга йўлловчи, зиё тарқатувчи; энг яқин дўст ва йўл кўрсатувчи; меҳр ва одамийлик манбайи; ўз соҳасининг зукко билимдони; адолат ва ҳақиқат мезони каби бир дунё маъно мужассам.
Шунинг учун устозлар ҳамиша ҳурматга, қилган хизматлари эса таҳсинга сазовордир. Шу муносабат билан, ўзларининг фидокорона хизматлари билан сидқидилдан меҳнат қилиб, келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимизни тарбиялаётган, жонкуяр ўқитувчиларимизни, муҳтарам устозларни, мактабгача таълим ташкилотларининг меҳрибон тарбиячиларини, спорт мураббийлари-ю, касб-ҳунар мактабларининг фидойи устозларини, шу жумладан айни дамда ўзининг шарафли фаолиятини якунлаган, минг-минглаб инсонларга таълим-тарбия берган фахрий устозларни, жамики юртимиздаги мўътабар инсонларни “УСТОЗ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ” муносабати билан қизғин муборакбод этиб, эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсизлар!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев, бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган ҳикматли сўзлари бугун таълим соҳасининг шиорига айланганлигини, “Агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиришини, инсон ўзгарса – бутун жамият ўзгариши”ни таъкидладилар.
Ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда юртимизда фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол ва етук инсон этиб тарбиялаш, юқори малакали кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Хива шаҳримизда ҳам таълим тизимида кейинги йилларда амалга оширилган ишларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йилларга нисбатан анча салмоқли ишлар қилинганлиги маълум бўлади.
Айни пайтда шаҳримизда 27 та таълим муассасаси, шундан, 15 та мактаб (шундан, 1 та Ихтисослаштирилган мактаб интернати(ИМИ), 5 та Ихтисослашлган мактаб (ИМ), 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби 2 та махсус мактаби фаолият олиб бормоқда ва ушбу таълим муассасаларида 1600 дан зиёд ўқитувчи ва мураббийлар ёш авлодга таълим-тарбия бериб келишмоқда.
Жорий 2022-2023 ўқув йилидат шаҳар халқ таълими муассасаларини Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш (инвестиция) дастури доирасида 2 та объект (4-сон мактаб, 13-сон мактаб)да умумий қиймати 5 млрд 744 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, шаҳардаги 4-сон мактабда
2 млрд 838 млн. сўмлик қурилиш ишлари, 13-сон мактаб биносида
2 млрд 906 млн.сўмлик мукаммал таъмирлаш ва қўшимча 220 ўринли янги ўқув блокини қуриш ишлари тугатилиб, ушбу объектлар фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда “Open budget” лойиҳалар платформаси орқали жами 2 та Халқ таълими бўлимига қарашли 6-сон умумтаълим мактабининг спорт залини таъмирлашга 457,0 млн. сўм, 56-сон айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ташқи ва ички хоналарини таъмирлаш учун 416,0 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги ПҚ-172-сонли қарори билан 2022 йил “Обод маҳалла” дастури доирасида шаҳарда жами 1 та умумтаълим мактабида 3 млрд. 122 млн сўм маблағ ҳисобига қурилиш-тиклаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, янги ўқув йили учун фойдаланишга топширилди.
Бугун ўз бағрига болажонларни чорлаётган ушбу мактаб ҳам давлатимиз томонидан берилган эътибор туфайли кўз ўнгимизда замонавий қиёфа касб этиб, барча керакли жиҳозлар билан таъминланди. Эндиги вазифа яратилган шароитлардан кенг фойдаланган ҳолда билим чўққиларини эгаллаш, ватанимизга, халқимизга ва Президентимизга содиқ фарзанд бўлиб, чин маънода ватанпарвар, содиқ инсон бўлиб етишишдир.
Шу жумладан, шаҳримиз фидокор устоз ва мураббийларининг меҳнатлари самараси ўлароқ 2022-2023 ўқув йилида олий таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган 1316 (бир минг уч юз ўн олти ) нафар битирувчиларнинг 770 (етти юз етмиш) нафари қарийб 60 фоизи талаба бўлганлиги ҳамда ушбу натижа бўйича вилоятда 1-ўринни эгаллагани ҳам жуда қувонарли бўлиб, бу кўрсаткич йилдан-йилга ўсиб бораётганлигада муҳтарам устозларимизнинг хизматлари беқиёсдир.
2022 йилда республика миқёсида педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра шаҳримиз педагоглари умумий 68,8 (олтмиш саккиз-у ўндан саккиз) балл билан 20-ўринни эгаллагани ҳам улкан шараф бўлиб, бундай юксак натижа учун шаҳримизнинг барча ўқитувчи ва мураббийларига ўзимнинг алоҳида миннатдорчилигимни билдираман!
Ўқитувчиларнинг рағбатлантирилиши, қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди. Зеро, улар ўз меҳнатлари билан нафақат бир инсоннинг, балки бутун жамият тақдиридаги ижобий ўзгаришлар, юксалишларга ҳисса қўшадилар. Ёшларни ҳам маънан, ҳам жисмонан, асосийси, руҳан соғлом, дунёқараши кенг ва нигоҳи ўткир бўлиши ҳам ўқитувчиларнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ.
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз. Инсон, аввало, унга билим ва марифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшаши лозим.
Мана шу йўлда ҳормай-толмай меҳнат қилаётган, ҳар қандай вазиятда ҳам таълим-тарбияни биринчи ўринга олиб чиқаётган Сиз азиз устозларга ҳамиша таъзимдамиз!
Азиз устозлар ва мураббийлар яна бир бор Сиз азизларни байрамингиз билан чин дилдан муборакбод этаман.
Юртимизни тинчлик-хотиржамлик, халқимизни соғлик-омонлик асло тарк этмасин.
Эътиборингиз учун раҳмат!