14.01.2020
Ассалому алайкум ҳурматли ҳарбий хизматчилар ҳамда фахрийлар!
Азиз элдошлар!
Энг аввало, Сизларни, сизлар орқали барча элдошларимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда 14-январь – Ватан ҳимоячилари куни билан чин юракдан табриклайман!
Маълумки, ушбу унутилмас сана мамлакатимизда мардлик ва матонат, она юртга садоқат, қадриятларимизга ҳурмат, ватанпарварлик каби инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган, чин маънодаги умумхалқ байрамига айланди.
Она Ватанни ҳимоя қилиш Асосий Қонунимиз – Конституцияда белгилаб қўйилганидек, ҳар бир фуқаронинг муқаддас ва шарафли бурчидир. Зеро, муҳтарам Президентимиз таъқидлаганларидек, халқимиз учун тинчлик, осойишталикдан азиз нарса йўқ.
Мустақиллик даврида, айниқса, кейинги уч йил ичида ҳарбий соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар самараси мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, барқарор тараққиёти, энг муҳими, халқимизнинг тинчлигини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жойлар билан таъминлаш, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган аскарлар учун берилаётган имтиёзлар миллий Армиямиз нуфузини, ёш авлоднинг, бутун халқимизнинг ҳарбий хизмат соҳасига бўлган ихлос ва иштиёқини янада оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5529-сонли Фармойиши асосида ўтказилаётган Ватанпарварлик ойлиги муносабати билан барча жойдагидек, шаҳримизда ҳам ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида кўплаб маданий-маърифий, тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бу хил тадбирлар эртамиз эгалари бўлган ёш авлодни юртга меҳр, ватанпарварлик рухида тарбиялашда муҳим роль ўйнамоқда.
Бугунги тантанали маросим қатнашчилари бўлган Сиз, азизларни яқинлашиб келаётган қутлуғ айём – Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор самимий табриклайман!
Юртимизда тинчлик, осойишталик барқарор бўлсин!
Жонажон Ўзбекистонни ҳимоя қилишдек маъсулиятли ва шарафли ишларингизда барчаларингизга ютуқлар ва оилавий бахт саодат тилайман!