Дарҳақиқат, бугунги кунда “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида шаҳар солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганиб, сайёр солиқ маслаҳатлари кўрсатиш тизимли равишда йўлга қўйилган.
Масалан, биргина май ойи давомида вилоятда 189 та корхоналарнинг муаммолари батафсил ўрганилди. Натижада, солиқ хизмати органлари ходимлари кўмаги билан 167 та муаммолар ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда бошқа ташкилотлар билан боғлиқ масалалар қатъий назоратга олиниб, ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, жорий этилган қатор солиқ имтиёзлари, солиқ юки ва турларининг камайтирилганлиги тўғрисида тадбиркорлар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида апрел ойининг ўзида 156 та норасмий иш ўринлари қонунийлаштирилди. Энг муҳими, фуқаролар муқим иш ўринларига эга бўлди.
Айниқса, турли сабаблар билан фаолияти вақтинча тўхтаб қолган тадбиркорлик субектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини тиклаш борасида жорий йилнинг апрел ойи давомида самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, ана шундай 41 та корхонанинг фаолияти тикланди. Натижада, 63 та янги иш ўринлари яратилди.
Бугунги кунда қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг апрел ойи якуни билан вилоятда 648 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтиб, муайян фаолият турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Ҳурматли солиқ тўловчилар! Биз солиқ хизмати органлари ходимлари сизларнинг муаммоларингиз қонуний ҳал этиш, фаолиятингиз давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак беришга тайёрмиз.